Бахшиларга макон юрт
         Кишилик  тараққиётининг  барча  даврларида ҳам ҳар  бир миллатнинг бебаҳо қадрияти, қадимий урф  одат ва анъаналарини  ўзида номоён  этувчи  халқ оғзаки   ижоди, маънавий хазина сифатида қадрланган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бахшичилик санъати асрлар давомида сайқалланиб бизгача етиб келган.


 Бугунги кунда бу санъатни халқ орасида кенг тарғиб қилиб келаётган инсонлар бу- бахшилар саналади. Бахшининг дўмбирасидан таралаётган куй, унинг ширали овози киши қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Халқ қалбининг нолаларидан яралган достонлар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб инсоният маънавий тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Негаки, ўзбек халқ достонларида халқимиз бадиий тафаккурининг жуда бой ва қадимий анъаналари мужассам. Ижодкор бахшилар эса оғзаки эпик анъана асосида достоннинг ўз вариантлари, ҳатто улар асосида янги достонлар ҳам яратадилар.
Бахшилар достон ва қўшиқларни қўбиз, дўмбира, дутор каби созлар жўрлигида куйлайдилар.Е.Поливановнинг ёзишича, “бахши” сўзи асли хитойча,  pak-si сўзидан олинган бўлиб “устоз”, “ёзувчи”, “котиб” маъноларини англатади. У асосан шомон эътиқодли турклар тилида “тўй-тантаналарни бошқарувчи киши” маъносида ишлатилган. Маълумотларга кўра Туркистон ҳукмдорларининг форс тилини билмаган котиблари ҳам бахши деб аталган. Охунжон Сафаровнинг таъкидлашича, фавқулодда хотира қудратига эга бўлган Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча прозаик қисмни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати ўз-ўзидан аён бўлади.        
Матлуба Нигматуллаева

Комментарии